Ommaviy oferta

(Давлат солиқ қўмитасининг «SOLIQ» мобил иловасидан фойдаланиш тўғрисида)

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг махсус «SOLIQ» мобил иловаси (кейинги ўринларда – мобил илова) орқали Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар – жисмоний шахслар томонидан Давлат солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда – Етказиб берувчи) томонидан жорий этилган хизматлардан фойдаланишга лаёқатли бўлган жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда – Фойдаланувчи) Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367-моддаси ва 369-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартнома тузиш ҳақидаги расмий таклиф (оммавий оферта) ҳисобланади.

Фойдаланувчи томонидан мазкур офертада белгиланган ҳаракатларнинг бажарилиши, у томонидан қуйидаги шартлар сўзсиз қабул қилинганлигини англатади (Офертанинг акцепти). Офертани акцепт қилган пайтдан шартнома тузилган ҳисобланади. Мазкур шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилмаган барча ҳолларда томонлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари
ва иш муомаласи одатларига риоя қиладилар.

  1. АТАМА ВА ТАЪРИФЛАР

1.1. Мазкур шартномада қуйидаги атама ва таърифлар қўлланилади.

Фойдаланувчи – мазкур оферта шартларини қабул қилган ва мобил илова орқали рўйхатдан ўтган ва солиқ органларининг хизматларидан фойдаланувчи лаёқатли жисмоний шахс;

Етказиб берувчи – Фойдаланувчига мобил илова орқали хизматларни кўрсатувчи томон – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;

шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш – шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича битта ёки бир нечта ҳаракатларни амалга ошириш;

шахсга доир маълумотлар – хизматдан фойдаланиш учун Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган ахборот;

кешбэк – жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир фоизи (товарлар (хизматлар) бир қисми) шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб амалга оширилган ички саёҳатлар харажатларининг бир қисми;

пул мукофоти  аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари ҳақида солиқ органларини мобил иловасининг «Солиқ ҳамкор» махсус дастури орқали хабардор қилган жисмоний шахслар учун бир марталик пул мукофоти шаклидаги рағбатлантириш;

ортиқча тўланган солиқ суммаси  солиқнинг тўланган суммаси билан ҳақиқатда тўланиши лозим бўлган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ;

«tax free» тизими – чет давлат фуқароларига, улар томонидан Ўзбекистон ҳудудида айрим товарлар харид қилинганда тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда, белгиланган миқдорда қайтариш тизими;

«tax free» тизими оператори – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Солиқ-сервис» давлат унитар корхонаси;

банк картаси – Фойдаланувчига банк ҳисобварағи орқали банк картасининг амал қилиш муддати доирасида, нақд пулсиз шаклда ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи тўлов картаси;

халқаро тўлов картаси – чет эл валютасида ҳисоб-китоб ва тўловларни амалга ошириш учун халқаро тўлов ташкилотлари билан келишувга асосан ваколатли банклар томонидан эмитетланган ва Етказиб берувчининг тўлов сервисида рўйхатдан ўтказилган тўлов карта;

банк ҳисобварағи – жисмоний шахснинг ваколатли банкларда очилган
ва Етказиб берувчининг тўлов сервисида рўйхатдан ўтказилган банк ҳисобварағи;

ваколатли банк – Фойдаланувчига солиқ органларининг хизматлари орқали пул маблағларини банк (шу жумладан, халқаро) картаси ёки ҳисобварағига ўтказиб бериш учун Етказиб берувчи томонидан танланган банк;

Face ID – шахсни масофадан биометрик (юз орқали) идентификация қилиш тизими.

  1. АКЦЕПТ ТАРТИБИ

2.1. Мазкур Офертанинг акцепти мобил иловадан авторизациядан ўтиб, солиқ органларининг хизматларидан фойдаланиш, солиқ органларида ҳисобда туриш, солиқ мажбуриятларини бажариш орқали амалга оширилади.

2.2. Мазкур Шартномани тузиш орқали Фойдаланувчи Етказиб берувчига амалдаги шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўзининг шахсга доир маълумотларига (шу жумладан, хизматлардан фойдаланиш учун зарур бўлган тўловнинг ҳисоб маълумотлари, мобил телефон рақами, банк карталарининг рақамлари, Ф.И.Ш., рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ маълумотлар, шунингдек, бошқа ҳар хил шахсга доир маълумотлар) ишлов беришга, шу жумладан, ушбу шартномани бажариш мақсадида уларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, аниқлаштириш (янгилаш, ўзгартириш), кўчириш, фойдаланиш, уларни бериш (тарқатиш, тақдим этиш, рухсат бериш) уларни эгасизлантириш, уларни тақиқлаш, уларни ўчириш ва уларни йўқ қилиш, автоматизация воситаларидан фойдаланган ёки улардан фойдаланмаган ҳолда ишлов беришга муддатсиз розилигини беради.

Шунингдек, ушбу орқали Фойдаланувчи мазкур шартнома бўйича Етказиб берувчига тақдим этилган шахсга доир маълумотларни ушбу шартномани бажариш мақсадида учинчи шахсларга тақдим этишга розилик беради.

2.3. Етказиб берувчи Фойдаланувчининг шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча зарур бўлган чораларни кўришини Фойдаланувчига кафолатлайди.

2.4. Хизматдан фойдаланишдан аввал Фойдаланувчи мазкур Офертанинг матни билан тўлиқ танишиб чиқиши, офертанинг шартлари билан тўлиқ
ёки қисман норози бўлса, хизматдан фойдаланишдан бош тортиши зарур.

  1. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ

3.1. Етказиб берувчи Фойдаланувчига мобил иловада жойлаштирилган хизматлардан фойдаланиш, ўзларининг банк карталарини бошқариш, онлайн режимда банк картаси орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш, шунингдек, хизмат функционали билан белгиланган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш имконини беради.

3.2. Фойдаланувчи томонидан Етказиб берувчига тақдим этилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

Фойдаланувчи билан имзоланган келишув/шартномалар доирасида Етказиб берувчи томонидан ўзига олган мажбуриятларни тегишли тартибда бажариш, шунингдек Етказиб берувчининг ҳамкорлари билан имзоланган келишувлар, шу жумладан Фойдаланувчини идентификациялаш/соддалаштирилган тартибда идентификациялаш мақсадида Фойдаланувчига мобил илованинг барча амалдаги хизматларидан фойдаланиш имкониятларини тақдим этиш;

Фойдаланувчи билан қайта алоқани амалга ошириш, шу жумладан хизматлардан фойдаланишга, солиқ мажбуриятларини бажаришга
оид хабарнома, сўров ва маълумотномаларни юбориш.

3.3. Хизмат iOS, Android, Harmony OS операцион тизимларида мавжуд бўлган мобил илова доирасида ишлайди. Хизматдан фақат мобил иловада рўйхатга олинган жисмоний шахслар фойдаланишлари мумкин.

  1. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА СОТИБ ОЛИНГАН ТОВАРЛАР (ХИЗМАТЛАР) ҚИЙМАТИНИНГ БИР ҚИСМИНИ, ПУЛ МУКОФОТИНИ, ОРТИҚЧА ТЎЛАНГАН СОЛИҚЛАРНИ ҲАМДА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИНИ ҚАЙТАРИШ

4.1. Фойдаланувчига сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатлар ҳақида солиқ органларини хабардор қилганлиги учун пул мукофотини тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги
255-сон қарори билан тасдиқланган «Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисида»ги ҳамда «Махсус дастур орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатлар ҳақида солиқ органларини хабардор қилган жисмоний шахсларга пул мукофотини тўлаш тўғрисида»ги Низомлар талаблари асосида амалга оширилади.

4.2. Фойдаланувчилар томонидан ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 12-бобида назарда тутилган талаблар асосида амалга оширилади.

4.3. Фойдаланувчи томонидан «tax free» тизими асосида қўшилган қиймат солиғини қайтариб олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги 653-сон қарори билан тасдиқланган «Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисида»ги низом талаблари асосида амалга оширилади.

4.4. Фойдаланувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб амалга оширилган ички саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги 484-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси бўйлаб амалга оширилган ички саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида»ги низом талаблари асосида амалга оширилади.

  1. ТОМОНЛАР МАЖБУРИЯТЛАРИ

5.1. Етказиб берувчи қуйидагиларга мажбур:

Мобил илованинг хизматларини узлуксиз ишини таъминлайди, узилишлар учинчи шахсларнинг айби билан юзага келган ҳолатлар бундан мустасно;

Шахсга доир маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиниши, уларга ноқонуний ишлов беришнинг олдини олиниши, уларнинг яхлитлиги
ва сақланишини таъминлайдиган ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий
ва техник чораларни кўради;

Фойдаланувчига қайтарилиши лозим бўлган пул маблағларини ўз вақтида ваколатли банк ҳисобварағига ўтказиб беради;

Фойдаланувчиларга мобил иловадаги ўзгаришлар, солиқ мажбурияти
ва ҳуқуқлари юзага келганлиги ҳақидаги хабар билан ўз вақтида Фойдаланувчини огоҳлантиради.

5.2. Фойдаланувчи қуйидагиларга мажбур:

Мазкур офертанинг талабларини бажаради;

Мобил иловага уланувчи воситанинг ахборот хавфсизлигини мустақил равишда таъминлайди;

Пул маблағларини Етказиб берувчи томонидан қайтариб берилиши учун ўзининг банк картаси ёки банк ҳисобварағи реквизитларини мобил иловада рўйхатдан ўтказади;

Мобил илова хизматларидан фойдаланиш учун Face ID  ёрдамида шахсини тасдиқлайди;

Мобил илова хизматларидан фойдаланиш орқали ўзининг лаёқатлиги, шунингдек хизматлардан фирибгарлик ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслигини тасдиқлайди ва кафолатлайди;

Етказиб берувчининг розилигини олдиндан олмасдан шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини учинчи шахсларга беришга ҳақли эмас. Шунга ўхшаш ҳар қандай бошқа уриниш ҳақиқий эмас деб топилади.

5.3. Етказиб берувчи бир томонлама мазкур Офертага ўзгартириш киритишга ҳақли, бунда Фойдаланувчини бу ҳақда тегишли ўзгартиришлар тўғрисида ахборот мазмундаги хабарлар, мобил илованинг интерфейси
ёки СМС-хабар орқали огоҳлантиради.

  1. ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

6.1. Томонлар мазкур шартноманинг талабларини бажармаганлиги
ёки лозим даражада бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

6.2. Фойдаланувчи мазкур шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида вужудга келган ҳар қандай зарар ёки салбий оқибатларга ўзи жавоб беради.

6.3. Фойдаланувчи хавфсиз бўлмаган уланишлардан фойдаланган ҳолда, ёхуд зарарли дастур ва иловалар таҳдиди остида ўзининг шахсга доир маълумотларини қурилмага киритишида уларнинг хавфсизлигига тўлиқ жавоб беради.

6.4. Фойдаланувчининг ҳаракатлари билан шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, Етказиб берувчи мазкур шартнома шартларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб бермайди.

6.5. Фойдаланувчи мазкур Офертанинг шартлари, шунингдек пуллик сервисларнинг хизматларини активация қилинишида уларнинг оферталари билан танишмаганлиги сабабли вужудга келган зарар учун Етказиб берувчи жавоб бермайди.

6.6. Етказиб берувчи мазкур шартнома шартларини лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб бермайди, агар ушбу ҳаракатлар Етказиб берувчининг назорат доирасига кирмайдиган сабабларга асосан содир бўлган бўлса. Етказиб берувчининг назорат доираси фақат мобил илованинг ишлаши билан чекланиб, учинчи шахсларнинг айби билан вужудга келган узилишларга ёхуд давлат органлари ёки суд томонидан қуйилган чеклов ва тақиқларни ўз ичига олмайди.

6.7. Томонлар ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликдан, агар бундай бажармаслик Шартнома тузилгандан кейин Томон олдиндан кўра билиши ҳам, оқилона чоралар билан олдини олиши ҳам мумкин бўлмаган фавқулодда ҳодисалар натижасида юзага келган енгилмас куч ҳолатлари (форс-мажор) оқибати бўлса, озод қилинадилар.

6.8. Ҳар бир томон ушбу шартномада белгиланган жавобгарлик чекланганлигини тан олган ҳолда, бошқа томон мазкур шартномани тузишни ва ушбу чекловлар томонлар ўртасидаги келишувлар учун зарур асос эканлигини тан олади.

  1. ШАРТНОМАНИ БЕКОР ҚИЛИШ

7.1. Фойдаланувчи мобил иловадаги аккаунтини ўчириб, мазкур шартномани ҳар қандай вақтда бажармасликка ҳақли.

7.2. Мазкур шартнома мобил иловадаги аккаунт ўчирилган вақтдан бошлаб бекор қилинган деб ҳисобланади.

  1. КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

8.1. Мазкур шартномадан келиб чиқувчи ҳар қандай низо, музокаралар орқали, ёхуд Фойдаланувчининг ёзма мурожаати асосида эътироз тартибида кўриб чиқилиши зарур. Мурожаатни кўриб чиқиш ва унинг мазмунига қуйиладиган талаблар амалдаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

8.2. Фойдаланувчиларнинг эътирозлари билан боғлиқ ишлар ва техник кўллаб-қувватлаш хизматлари фақат Фойдаланувчилардан сўровларни қабул қилиш, уларга ишлов бериш ва тегишли сўровларга жавобларни юбориш орқали амалга оширилади.

Фойдаланувчиларнинг сўровлари Етказиб берувчининг электрон почтаси ёки телефон рақами орқали қабул қилинади.

  1. БОШҚА ШАРТЛАР

9.1. Шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилмаган ҳар бир ҳолат бўйича томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳаракатни амалга оширадилар.

9.2. Ушбу таклифни қабул қилиш орқали Фойдаланувчи ушбу шартноманинг барча шартларини сўзсиз қабул қилганлигини тасдиқлайди ва уни бажаришни ўз зиммасига олади.